Давлат тест маркази раҳбари Мажит Каримовнинг маълум қилишича, жорий йилда ҳужжатлар ДТМ сайти, Давлат хизматлари марказлари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали узлуксиз ва онлайн тарзда қабул қилинади:
Ягона интерактив давлат хизматлари портали;
Давлат тест марказининг расмий веб-сайти.
Бунда абитуриентларга уйдан чиқмаган ҳолда мобиль телефон (компьютер) ёрдамида онлайн рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади.
Унга кўра, олий таълим муассасаларига ҳужжатларни қабул қилиш 15 июндан 15 июлга қадар давом этади.
2020/2021 ўқув йили қабул жараёнини ташкил этиш юзасидан долзарб вазифаларга бағишланган брифингда маълум қилинишича, жорий йилда истисно равишда 3та мажбурий фанлардан (она тили, Ўзбекистон тарихи ва математика) тест бўлмайди.
Фақат 2та мутахассислик фанидан тест олинади.
Бу ҳолатда баллар қуйидагича белгиланади:
1-блок - 30та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3.2 балл берилади, жами 96 балл тўплаш мумкин;
2-блок - 30та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3.1 балл берилади, жами 93 балл берилади.
Жорий йил тест синовларида худди ўтган йилгидек максимал 189 балл тўплаш мумкин.
Тест саволларини ишлаш ва жавобларни белгилаш учун жами 3 соат вақт берилади.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 30 апрель куни жорий ўқув йилини сифатли якунлаш, битирув ва кириш имтиҳонларини ташкил этиш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилишда бу йил кириш имтиҳонларини соддароқ шаклда ўтказиш бўйича кўрсатма берганди.